ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон Миср билан исломий кредитлаш масалаларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) матбуот хизмати хабар берди.
ССП раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва Мисрнинг Ислом савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси бош котиби Юсеф Халави ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар исломий кредитлаш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон томони "Қишлоқ қурилиш банки"нинг "Бизнесни ривожлантириш банки" бўлиши кутилаётгани тўғрисида маълумот берди. Шу боис тадбиркорларни исломий кредитлаш шартлари қизиқтираётгани таъкидлади.
Юсеф Халави Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси кучли таҳлилий-ахборот базасига эгалиги ва дунё мамлакатларининг техник-иқтисодий таҳлилларини олиб бориши тўғрисида маълумот берди.
Миср томони мазкур хизматлар Ислом савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси аъзолари учун бепул эканлигини ва бундан манфаатдор мамлакатлардаги потенциал инвесторларга ёрдам бериши ҳақида ҳам қайд этди.
Юсеф Халави палаталар ўртасида тегишли битим имзоланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади ҳамда Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатасига аъзо бўлиш таклифини берди.
Маълумот учун, Ислом савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатаси 1976 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти шафелигида ташкил этилган. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда хусусий мусулмон тадбиркорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида тузилган.
Палата Кенгаши 18 кишидан иборат. Карачи, Қоҳира ва Истанбулда филиаллари бор. Ислом Савдо-саноат ва қишлоқ хўжалиги палатасининг барча мусулмон мамлакатлари учун Арбитраж маркази эса Истанбулда жойлашган.