Беларусда КХШТ ўқув машқлари бошланди

Машуғлотлардан Арманистондан ташқари КХШТнинг барча аъзолари иштирок этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Беларус республикаси ҳудудида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) “Жанговар биродарлик-2023” машғулотлари расман бошланди, улар 6 сентябргача давом этади, деб хабар беради РИА Новости мухбири.

“Жанговар биродарлик-2023” машғулотларида КХШТ давлатлари ҳарбий контингентлари, тезкор гуруҳлар, полиция (милиция) кучлари, КХШТ давлатлари Фавқулодда вазиятлар вазирликлари бўлинмалари, қўшма штаб-квартиранинг тезкор гуруҳлари ва КХШТ котибияти, Беларус Давлат чегара қўмитаси бўлинмалари жалб этилган.

Машғулотларга жами 2500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳамда 500 дан ортиқ қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника жалб этилган. Беларус мудофаа вазири Виктор Хренин айтишига кўра машғулотлар кўпроқ штаб-ўқувлари характерига эга.
Минск 2023 йилда КХШТга раислик қилади, унга олти давлат: Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради. Арманистондан ташқари барча давлатлар ўз ҳарбий контингентларини КХШТ машғулотларида иштирок этиш учун жўнатган.
Жума куни "Брест қаҳрамон қалъаси" ёдгорлик мажмуасининг тантанали маросимлар майдонида машғулотларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Миллий ҳарбий контингентлар шакллантирилгунга қадар ёдгорлик мажмуасининг Мангу олови ёнига еттита байроқ устуни ўрнатилиб, уларга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ташкилотга аъзо давлатлар байроқлари ўрнатилди.
Маросимда КХШТ бош котиби Имангали Тасмагамбетов, КХШТ Бирлашган штаби бошлиғи Анатолий Сидоров, Беларус Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Виктор Гулевич, Беларус Хавфсизлик Кенгаши давлат котибининг биринчи ўринбосари Павел Муравейко, Брест вилояти ижроия қўмитаси Юрий Шулейко иштирок этган.
Маросим иштирокчилари Улуғ Ватан урушида Брест қалъасини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди, уларнинг хотирасини бир дақиқалик сукут билан ёдга олди ва Мангу алангага гул қўйди. Тантанали маросимдан сўнг ҳарбий қисмлар тантанали маршга ўтди, сўнгра машғулотлар ўтказиладиган жойга йўл олди.