ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг ўттиз икки йиллиги арафасида 286 нафар шахсни афв этди.
“Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 286 нафар шахслар афв этилди”, - дейилган хабарда.
Афв этилган шахсларнинг 109 нафари асосий жазодан озод этилди, 116 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 25 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 36 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 39 нафарини аёллар, 22 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 30 нафарини чет давлат фуқаролари, 3 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларини ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.