“Бутун халқимиз сизларга ҳавас билан қарайди”. Мирзиёев давлат мукофотларини топширди

Президент маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 август куни Кўксаройда Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан тақдирланганларга давлат мукофотларини топширди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, мустақилликнинг ўттиз икки йиллиги муносабати билан бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан, чет эллик инвесторлар “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.
Давлат раҳбари маросим иштирокчиларини Мустақиллик байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этди. Бу даврда Ўзбекистон катта тараққиёт йўлини босиб ўтгани, барча соҳаларда ўзгаришлар бўлаётгани таъкидланди.
“Халқ манфаатини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг лойиҳасини муҳокамага қўйганимизда 1 миллиондан кўп таклифлар келиб тушди. Бу нимадан далолат? Халқимиз бефарқ эмас. Йўналишларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб беряпти. Бу биз учун “йўл харитаси”. Давлатга энг катта ҳакам – халқ”, – деди президент.
Давлат раҳбари маҳаллалардаги ишларни, одамларнинг фаоллигини қайд этди.
“Биз биринчи кундан халқ ичига кириб боряпмиз. Кўп тизимларни маҳаллага туширяпмиз. Нимага? Маҳалла – давлатчилигимизнинг замини. Агар 9 минг 400 та маҳалла тинч бўлса, юртимиз тинч бўлади. Инвестиция ҳам, таълим-тарбия, қурилиш, ободонлаштириш ҳам маҳаллада бўлса, қандай ўзгариш бўлади?! Мана, “Очиқ бюджет” орқали одамлар ўз муаммосини олиб чиқиб, овоз бериб, ўзи назорат қиляпти. Шунинг учун маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича ишларимизни қатъий давом эттирами”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади. Уларни Янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорлари сифатида қадрлашини таъкидлаб, фидокорона меҳнати, ёш авлодга ибрати учун миннатдорлик билдирди.
1 / 8
2 / 8
3 / 8
4 / 8
5 / 8
6 / 8
7 / 8
8 / 8
“Бахт нима ўзи? Фарзандлар бағрида соғ-саломат юриш, оилада, эл-юртда азиз бўлиш, ҳалол қилган меҳнатингнинг қадрини кўриш. Бутун халқимиз сизлар билан фахрланади, сизларга ҳавас билан қарайди. Илоҳим, мана шундай обрў, мана шундай ҳурмат-эътибор сизларни ҳеч қачон тарк этмасин”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Марҳум муфтийлар – шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган эди. Тадбирда уларнинг фарзандларига ушбу нишон топширилди.
Нуронийлар, давлат хизматчилари, олим ва педагоглар, тадбиркорлар, саноатчилар, ижодкор ва санъаткорлар, ҳарбийлар, спортчи ва мураббийлар мукофотларни қабул қилиб олди.
“Бугун мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз, бахтиёр кўзларингизни, сизлардаги баланд руҳни кўриб, очиғини айтсам, гўёки ўзим ҳам мукофот олгандек хурсанд бўлиб турибман. Ниятим: кўксингизга ярашиб турган мана шу юксак унвон ва нишонлар сизларга янги-янги куч-ғайрат бахш этсин”, – деди президент.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдирди.