Габондаги давлат тўнтарилиши ҳақида нималар маълум - видео, фото

Ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар мамлакат чегаралари навбатдаги буйруққа қадар ёпилиши эълон қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Габонда амалдаги давлат раҳбари Али Бонго Ондимба сайловда ғалаба қозонгани эълон қилингандан бир оз вақт ўтиб ҳарбийлар гуруҳи ҳокимият тепасига келгани ва овоз бериш натижаларини бекор қилишганини маълум қилишди.
Исёнчилар орасида хавфсизлик хизмати, миллий ва президент гвардияси, армия ва полиция вакиллари бор.
Ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар мамлакат чегаралари навбатдаги буйруққа қадар ёпилиши эълон қилишди. Исёнчилар барча давлат органларини тарқатиб юборишди: ҳукумат, Сенат, Миллий ассамблея, Конституциявий суд. Исёнчилар Ўтиш даври ва органларни қайта тиклаш бўйича қўмита тузишди. Унинг таркиби ҳозирча эълон қилинмаган.
Ҳарбийлар Габоннинг халқаро мажбуриятларига риоя қилинишини таъкидлашмоқда. Улар аҳолини тинчланишга чақиришган. Ўз хатти-ҳаракатлари сабабларини тушунтираётиб, улар “масъулиятсиз, олдиндан билиб бўлмайдиган бошқарув” мамлакатни хаосга чўмдириши мумкинлиги, шу боис улар “ҳозирги режимни тугатиб, тинчликни ҳимоя қилишга” қарор қилишганини маълум қилишган.
AFP агентлигининг ёзишича, 2009 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Габон президенти Али Бонго Ондимба уй қамоғида олинган. У отаси Умар Бонго вафотидан кейин Габон президенти этиб сайланган эди.
Али Бонго Ондимба
Габон пойтахти Либревил ҳамда катталиги бўйичи иккинчи ўринда бўлган Порт-Жантил аҳолиси кўчаларга мамлакат байроғини кўтариб чиқиб, танклардаги ҳарбийларни олқишлади.
Габон аҳолиси
Аввалроқ ОАВ Либревилда отишма садолари эшитаётганини хабар қилган эди.
Мамлакатда уч кунлик танаффусдан кейин интернет яна пайдо бўлган.
Москва дўст Габонда вазият кескинлашганидан хавотирда эканини маълум қилди ва мамлакатдаги вазият тез орада изга тушишига умид билдирди.
Габон Африканинг иқтисодий жиҳатдан энг барқарор давлатларидан бири ва минтақа учун йирик нефть экспортчиси ҳисобланади. Мамлакатда 2,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.