Фарғонадаги корхонада чангдан брикетлар тайёрланмоқда — тафсилотлар

Корхонага ўрнатилган замонавий ва энг сўнгги технологиялар чанг-газларни атмосферага чиқариб юбормасдан, махсус қурилмаларда ушлаб қолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Фарғонадаги корхонада чангдан брикетлар тайёрланмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги “Global textile infinity” ип-калава, кулранг ва бўялган трикотаж матоларни ишлаб чиқариш билан бирга пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган.
Корхонада “яшил иқтисодиёт”дан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланмоқда.
Қайд этилишича, иншоотнинг том қисмига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чанглардан брикетлар тайёрланмоқда.

“Корхонага ўрнатилган замонавий ва энг сўнгги технологиялар чанг-газларни атмосферага чиқариб юбормасдан, махсус қурилмаларда ушлаб қолади. Тўпланган чанг қайта ишланиб, брикет қилинади, натижада корхонанинг экологияга бўлган таъсири ҳам камаяди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, корхонанинг том қисмида ҳосил бўлган ёмғир ва қор сувлари шунчаки оқизиб юборилмайди, балки махсус идишларда тўпланади ва тўпланган сув филтрдан ўтказилгандан сўнг ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари ва дарахтларни суғоришга сарфланади.
Айтилишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида корхонанинг 1,8 гектар ерига куз ва баҳорги дарахт экиш мавсумида яна 1000 тупдан ортиқ дарахтлар экилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, брикетлар иситиш тизимларининг каминлар, печлар ва қозонлар учун қаттиқ ёқилғи сифатида ишлатилади. Улар деярли тутунсиз ёнади, шунинг учун уларни уйлар, иссиқхоналарни иситиш учун фойдаланилади.