Орол денгизи ҳудудидан артемия цисталарини йиғиб олаётган шахслар қўлга олинди

Айни дамда ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Орол денгизи ҳудудидан ноқонуний тарзда артемия цисталарини йиғиб олаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, Қозоғистон республикаси чегара олди ҳудудлари, Орол денгизи қирғоқларида тезкор рейд тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар томонидан қиймати 102,9 миллион сўмга тенг бўлган жами 1029 кг “артемия циста”лари ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда йиғиб олиб кетилаётганлиги аниқланди ва тўхтатилди.

Ҳолат натижасида табиатга 68 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирилганлиги маълум бўлди. Айни дамда ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Артемия цисталари
Маълумот учун, артемия цисталари Орол денгизининг қуриган соҳилларида ҳаёт кечиради. Хлорланган, сульфатланган, карбонат ва тузли муҳитда яхши кўпайишга ихтисослашган ушбу тирик мавжудотлар аквамаданият саноатида, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.
Орол денгизи ҳудудларидан артемия цисталарини йиғиб олиш учун экология органлари томонидан квота берилиши ва табиатга зарар етказмаган ҳолда ушбу тирик мавжудот цисталаридан кўрсатилган миқдорлардагина фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.