ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги кўмагида Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи ҳудудида қонуний вакиллари бўлмаган 10 ёшли ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Жорий йил 20 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган фуқаро Б.М. Бош консулхонага мурожаат қилган. У 2013 йил 17 майда Хабаровск шаҳрида туғилган қизи Ж.М.ни Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Ўрганишлар чоғида маълум бўлишича, Б.М. бир неча йил давомида Россиянинг Хабаровск шаҳрида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. Ушбу даврда у Россия фуқароси Я.Г. билан танишиб турмуш қурган. Ушбу турмушдан қизи Ж.М. дунёга келган. Қизнинг онаси Я.Г. эса 2021 йилнинг 27 июнь куни узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг вафот этган.
2023 йилнинг июнь ойида Б.М. Россия ҳудудида миграция қонунчилигига зид равишда бўлиб турганлиги сабабли, у суд қарори асосида Ўзбекистонга мажбурий тарзда чиқариб юборилган. 10 ёшли Ж.М. эса Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Хабаровск ўлкаси “Центр социальной помощи семье и детям” номли махсус марказга жойлаштирилган.
Бош консулхона ходимларининг махсус марказ раҳбарияти билан ўтказган музокаралари натижасида 10 ёшли ўзбекистонлик қизни ватанга юбориш бўйича келишувга эришилган.
Ўн ёшли ўзбекистонлик қиз Россиядан ватанга қайтарилди
© ИА "Дунё"
Шундан сўнг, Ж.М.га Бош консулхона томонидан тегишли тартибда “ватанга қайтиш” гувоҳномаси расмийлаштирилган.
Натижада Ўзбекистон фуқароси 27 август куни Хабаровск-Новосибирск-Самарқанд йўналиши бўйича ҳаво қатновида Ўзбекистонга кузатиб қўйилган. Маълумотларга кўра, вояга етмаган қизалоқ соғ-саломат отаси бағрига қайтган.