ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Бугундан бошлаб Жалолиддин Мангуберди таваллудига бағишланган олтин ва кумуш эсдалик тангалари сотуви йўлга қўйилади. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
“Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 825 йиллиги”га бағишланган олтин ва кумуш эсдалик тангалари.
© Центральный банк
“Марказий банк томонидан жорий йилнинг 29 августидан бошлаб “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 825 йиллиги” мавзусига бағишланган олтиндан тайёрланган 15 ва 20 грамм оғирликдаги ҳамда кумушдан тайёрланган 31,1 грамм оғирликдаги эсдалик тангалари сотувга чиқарилмоқда”, - дейилади хабарда.
Мазкур эсдалик тангалари уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари билан сотуви йўлга қўйилган.
Олтин ва кумуш эсдалик тангаларини тижорат банкларининг филиалларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкин.
Эсдалик тангаларининг 15 гр (олтин) сотув нархи 11 722 000 сўм, 20 гр (олтин) эса 15 629 000 сўмга тенг. Кумушнинг 31,1 гр эса 584 000 сўмни ташкил этмоқда.
Халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан нархлар кун давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Шу кунгача Марказий банк томонидан 30 дан ортиқ эсдалик тангалари сотувга чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, 1999 йил 20 октябрда Марказий банкнинг Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллик юбилейига бағишлаб, қиймати 25 сўм бўлган эсдалик тангаси муомалага чиқарилган эди.