Ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалардан апелляция аризалари қабул қилиш бошланди

Ўқишни кўчириш учун тест топширган талабалардан апелляция аризалари 31 августга қадар қабул қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўқишни кўчириш бўйича ўтказилган тест синовлари юзасидан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланди, дея хабар берди Билимни баҳолаш агентлиги.
Талабалар ўқишини хорижий ва нодавлат Олий таълим муассасаларидан (ОТМ) давлат ОТМларига кўчириш бўйича ўтказилган тест синови натижасидан норози бўлган талабгорлардан апелляция аризаларини қабул қилиш бошланди.
Апелляция аризалари 31 августга қадар my.uzbmb.uz сайти орқали (талабгорнинг шахсий кабинетида) онлайн тарзда қабул қилинади.

“Талабгор апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим”, - дейилади хабарда.

Апелляция аризасини берган талабгорга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Талабгор хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат, хабарнома ва рухсатнома билан Билимни баҳолаш агентлигига келиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Олий таълим муассасаларда (ОТМ) ўқишни кўчириш жараёнлари 15 июлдан бошланади ва 5 августга қадар давом этди. Ўтиш баллини тўплолмаганлар "супер-контракт" билан қабул қилиниши мумкин.