ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср ва БАА БРИКСнинг янги аъзоларига айланади. Бу ҳақда Бразилиянинг UOL ахборот портали саммит якуний ҳужжати лойиҳасига таяниб маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Унга кўра, янги иштирокчи давлатлар географик жиҳатдан тақсимланган.
"БРИКС ташкилотнинг яна бешта давлатга кенгайиши ҳақида эълон қилади... Мамлакатларнинг якуний рўйхатига Саудия Арабистони, Аргентина, Эрон, БАА, Миср киради”, - дейилади хабарда.
Портал маълумотларига кўра, географик мувозанатни сақлаш мақсадида рўйхатга бошқа Африка давлати ҳам киритилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кеча БРИКС давлатлари иттифоқни кенгайтириш бўйича келишувга эришди.
Маълумот учун, бугунги кунда БРИКС беш давлатни бирлаштиради: Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР. Ўз навбатида, 23 давлат иқтисодий блокка қўшилиш истагини билдирган - Жазоир, Аргентина, Бангладеш, Баҳрайн, Беларус, Боливия, Куба, Миср, Эфиопия, Гондурас, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Кувайт, Марокаш, Нигерия, Фаластин, Саудия Арабистони, Сенегал, Таиланд, БАА, Венесуэла ва Вьетнам.