ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти фаолияти билан танишди.
Давлат раҳбари институтдаги ўқув хоналари, оранжерея, илмий лабораториялардаги шароитлар билан танишди. Профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилди.
“Улар истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини яратиш режаси ҳақида сўзлаб берди”, - дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Президент институт олимларини чет элда малака оширишга юбориш, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ғўза, узум, доннинг янги навларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Биокимё институти жорий йилда университетнинг биология ва кимё факультетлари негизида очилди. Институтда 8 та таълим йўналишида 2 минг 800 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, университетда 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория бор.
Самарқанд давлат университетида 25 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқот институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.