Қашқадарёда Амир Темур даврига тегишли қадимий қишлоқ топилди — фото

Тадқиқотчилар Амир Темур замонида нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ривожланиш даражаси юқори бўлгани ҳақида дастлабки хулосаларга келишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Қашқадарёда Амир Темур даврига тегишли қадимий қишлоқ харобалари топилди. Бу Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Самарқанд археология институти ходимлари томонидан Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган Хўжа Равшан обидаси ҳудудидаги дала тадқиқотлари чоғида қатор археологик топилма ва тупроқ қатламлари аниқланди.
Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди.

“Қазиш ишлари мобайнида қишлоқ харобалари орасидан Амир Темур даврига мансуб 4 та хона кашф қилинди”, - дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, ушбу ёдгорлик ўрнида XIII-XIV асрларда Қаршидан Бухорога олиб борувчи гавжум аҳолига тўла карвон йўли жойлашган бўлган. Қишлоқнинг бугунги кунда сақланиб қолган қолдиқларининг майдони 30 гектарни ташкил этади.
Қашқадарёда қадимий қишлоқ харобалари топилди.
Мутахассисларнинг тахминларига кўра, ўша кезлари истиқомат қилган овул аҳолиси чиғатой даврининг сўнгги ва Амир Темур замонида маданий жиҳатдан анча тараққий этган бўлган.

"Тадқиқотчилар Амир Темур замонида нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам ривожланиш даражаси юқори бўлгани ҳақида дастлабки хулосаларга келишди", - дейилади хабарда.

Топилмалар орасида кошин, сирланган сопол, металлдан ясалган хўжалик жиҳозлари ва бошқа ноёб буюмлар бор.