Тошкент — Доха тўғридан-тўғри парвозлари йўлга қўйилди

"Centrum Air" Тошкент ва Қатар пойтахтини 21 август куни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Тошкентдан Дохага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди, дея хабар берди "Uzbekistan airports".
"Centrum Air" Тошкент ва Қатар пойтахти Доха шаҳарларини 21 август куни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади.

“Тошкент — Доха йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновлари ҳафтада бир марта Airbus A320 самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган”, - дейилади хабарда.

"Centrum Air" — штаб-квартираси Тошкентда жойлашган, 2023 йил январь ойида йўловчи рейсларини амалга оширишга рухсат олган Ўзбекистон лоукостер авиакомпаниясидир. Бугунги кунга қадар авиаташувчи паркида учта Airbus A320 ва битта Boeing-747 самолёти мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Qatar Airways" авиакомпанияси Дохадан Тошкентга мунтазам парвозларни бошлаши маълум қилинганди. Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошимнинг айтишича, "Qatar Airways" авиакомпанияси Доха – Тошкент – Доха йўналишида авиақатновларни амалга ошириш бўйича компания ички тартибларини ишлаб чиқмоқда.