Ўқитувчиларни мактабга қайтариш президентимизнинг орзуси эди — Саида Мирзиёева

Бошланғич синфлар учун тайёрланган замонавий дарсликлар кўргазмаси ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Тошкент шаҳридаги 60-умумтаълим мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилган бошланғич синфлар учун тайёрланган замонавий дарсликлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Саида Мирзиёева, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
“Юртимизда таълимга катта эътибор берилаётганлиги сабабли айни вақтда мактабларимиз инфратузилмаси кундан-кун яхшиланиб боряпти. Ўқитувчиларни мактабга қайтариш президентимизнинг армони ва орзуси эди. Бугун ўқитувчи дарсда. Энди уларга тажриба, билим ва ўқитиш учун дастурлар, методика ва дарсликлар керак. Бу йил бошланғич синф ўқувчиларининг дарсликлари тубдан янгиланяпти”, - деди Саида Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, янги методика асосида Тошкентда 300 нафар илғор педагог ўз малакасини оширди.
Вазир Ҳилола Умарова сўнгги йилларда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида таълим соҳасида фаолият юритаётган педагогларнинг моддий-маънавий шароити тубдан яхшиланиб бораётгани ҳамда мактабларда таълим-тарбия сифатини оширишнинг замонавий технологиялари жорий қилинаётганлигини айтиб ўтди.
Тадбир давомида кимё, биология ва физика фанларидан тайёрланган виртуал лабораториянинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шу билан бирга “Global Teacher Prize” танловининг миллий босқичига старт берилди.