ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Фарғона водийсида “Араблар шаҳарчаси” туристик дам олиш маскани барпо этилиши мумкин. Уни саудиялик тадбиркор Юсуф Туркистоний қуришни режалаштирмоқда.
“Дунё” АА хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакат туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Юсуф Туркистоний билан учрашув ўтказган.
Суҳбат давомида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган бизнес-қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Ўз навбатида, Юсуф Туркистоний Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириш ҳаракатида эканлигини маълум қилди. Жумладан, айни пайтда у Фарғона водийсида “Араблар шаҳарчаси” номи остида туристик дам олиш масканини барпо этишни режалаштирмоқда”, - дейилган хабарда.
Бу туристик масканни Фарғона шаҳри ва Чимён санаторияси ўртасидаги адирликларда 15 гектар ер майдонда барпо этиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 3 миллион долларни ташкил этади.
Тадбиркор сентябрь ойида Ўзбекистонга келишни режалаштирган.