ОТМлар ётоқхоналарига онлайн жойлашиш имконини берувчи хизмат ишга туширилди

Мазкур хизматдан 2023/2024 ўқув йили учун давлат ОТМларига кириш тест синовларининг якуний натижалари эълон қилингандан сўнг фойдаланиш мумкин бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига онлайн жойлашиш имконини берувчи хизмат ишга туширилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур хизмат 2023 йил Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 376-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz сайтида ишга туширилди.

Эндиликда, 2023/2024 ўқув йили қабулида талабаликка тавсия этилган барча абитуриентлар давлат ОТМларининг талабалар турар жойига жойлашиш учун Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали электрон ариза юборишлари мумкин.

Мазкур хизматдан 2023/2024 ўқув йили учун давлат ОТМларига кириш тест синовларининг якуний натижалари (мандат) эълон қилингандан сўнг фойдаланиш мумкин бўлади. Платформада 1-босқич талабалари ҳақидаги маълумотлар 2023 йил қабул параметрларига мувофиқ мандат натижалари асосида янгиланади.