Тошкент маҳаллий аэропорти биноси олдига машинада кириш мумкин бўлади

Автомобилнинг туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетса, ўрнатилган камералар автоматик равишда жарима юборади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. “Uzbekistan Airports” компанияси "Тошкент-3" маҳаллий авиақатновлар терминали олдидаги майдонни реконструкция қилишни бошлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади.
Учта алоҳида йўлак ажратилади: аэропортнинг расмий таксилари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилган барча автомобиллар учун.
Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди. Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарима юборади.
Қайд этилишича, майдонни реконструкция қилиш ишларини август ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.
2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал атрофи ҳудудлари реконструкция қилинади.