ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. “Қишлоқ қурилиш банк” Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кичик тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади.
Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.
“Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади”, - деди Мирзиёев.
Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Марказлар ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.