ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеуни қабул қилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, янги амалий мазмун билан бойитиш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу давлат раҳбарига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
“Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани, жумладан, парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудий маъмуриятлар, жамоатчилик ва тадбиркорлар даражасида сермаҳсул мулоқотлар амалга оширилаётганини катта мамнуният билан қайд этди”, - дейилади хабарда.
Учрашувда қуйидаги чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратилди:
сиёсий мулоқотларни янада фаоллаштириш;
иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш;
гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтириш;
Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлаш.