Сардор Умурзаков янги лавозимга тайинланди

Умурзаков бошқа ишга ўтиши муносабати билан Президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Ўзбекистон президентининг фармони билан Сардор Умурзаков президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар қилди.
Шу муносабат билан Умурзаков Президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилди.
Сардор Умурзаков 2022 йил июлидан буён Президент администрацияси раҳбари сифатида ишлаб келаётган эди.
Умурзаков 1977 йил 23 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети (бакалавр) ва Рэдинг университетини (Буюк Британия, магистратура) тамомлаган. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.
2000-2003 йиллар давомида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида (аввалига бош офисда, сўнг Самарқанддаги бўлинмада) ишлаган. 2003 йилнинг ноябрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон шаҳри) фаолият бошлаган.
2007 йилда ватанга қайтган Умрзоқов Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2014-2017 йилларда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017-2018 йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, “Ўзчармсаноат”га айлантирилгач, 2018-2019 йилларда унга раислик қилган.
2019 йил 28 январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланган, 2020 йил 10 мартда эса бош вазир ўринбосари даражасига кўтарилган.