Ой орбитаси бўйлаб парвоз қилаётган "Луна-25" СТС-Л комплекси телекамералари ёрдамида Ой юзасининг биринчи суратини олди.
Расмда Ойнинг орқа томони жанубий қутбидаги Зееман кратери тасвирланган. Кратер марказининг координаталари жанубий кенгликнинг 75 градусига ва ғарбий узунликнинг 135 градусига тўғри келади.
Ердан кўринмайдиган Зееман кратери Ой юзасидаги ноёб объект бўлиб, тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотади - унинг туби нисбатан текис бўлиб, атрофини ўраб турган уюм баландлиги 8 километргача етади.
Олинган тасвирлар ушбу кратер ҳақидаги мавжуд маълумотларни сезиларли даражада тўлдиради. Ойнинг орқа томонининг дунёдаги биринчи тасвири 1959 йил октябрь ойида СССРнинг "Луна-3" автоматик станцияси томонидан олинган эди.
"Луна-25" ой юзасидаги кузатишларини АДРОН-ЛР ва ПмЛ ҳамда АРИEС-Л асбоблари ёрдамида амалга оширди. Ой юзасидан гамма-нурлар ва нейтронлар оқими ўлчанади, шунингдек, ой яқин орбитасидаги космик плазма ва газ-чанг экзосфераси параметрлари ўлчанади.