ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябргача “Жарима майдончаси” ахборот тизими ишлаб чиқилади. Бу 11 август куни Ҳукумат қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда назарда тутилган.
Ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, 2024 йил 1 январдан:
- қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали очиқ танлов асосида танлаб олинади;
- ушланган транспортларни тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетишга рухсат бериш “Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали амалга оширилади;
- транспортларни тўхташ жойларига олиб келиш (ташиш) ҳамда сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг чекланган миқдорлари жойлардаги ҳокимликлар томонидан белгиланади.
“Жарима майдончаси” ахборот тизими орқали, жумладан:
ушланган, тўхташ жойларига жойлаштирилган ва олиб чиқишга рухсат берилган транспортлар рўйхати юритилади;
транспортларни тўхташ жойларидан олиб чиқиш учун барча тўловлар (жарима майдончаси ва ҳуқуқбузарлик учун жарималар) электрон амалга оширилади.
Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.