ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Умид Мамадаминов энергетика вазири ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Тайинловга қадар у қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Умид Мамадаминов 1983 йили Самарқанд вилоятида туғилган. 2006 йили Тошкент давлат техника университетини, 2015 йили эса АҚШнинг Орегон технология институтини магистратура йўналиши бўйича тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги саноат электроника муҳандиси, қайта тикланадиган энергия манбалари.
Мадаминов 8 йил мобайнида АҚШда истиқомат қилган ва у ердаги "Stantec Consulting Services” компаниясида мутахассислиги бўйича лойиҳа дизайнери вазифасида ишлаган.
У меҳнат фаолияти давомида соҳада илғор тажрибага эга бўлган давлатларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр ишлаб чиқаришга доир лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Инновацион технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг энергия жиҳатдан самарадорлигини ошириш, уларнинг ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш бўйича замонавий ёндашувга эга.