Йўл қоидабузарликларини хато аниқлаган камера эгалари унга бўлган ҳуқуқдан маҳрум этилади

Энди йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи хусусий камералар маълумотларида 5 фоиздан ортиқ хатоликка йўл қўйилса, тадбиркорлар эгалик ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашдаги хатолар учун хусусий камера эгалари ўз ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

“Дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлик ҳолатлари бўйича “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилган маълумотлардаги хатоликларнинг умумий сони беш ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган тақдирда ҳам тадбиркорлик субъектининг объектга нисбатан бўлган мулк ҳуқуқи суд орқали бекор қилинади”, - дейилади ЎзА хабарида.

Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва ишга тушириш муддатини 60 кундан 180 кунга узайтирилади.
Тадбиркорлик аукцион савдосида ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги билдиришномани олган кундан бошлаб 90 кун ичида объектда дастурий-техник воситаларни ўрнатиш билан боғлиқ бирор-бир ҳаракат (қурилиш-монтаж ишлари)ни амалга оширмаса, келишув суд орқали бекор қилинади.
Дастурий-техник воситалар “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилингандан сўнг уларни ўн кун давомида синов тариқасида ишлатиш тизими йўлга қўйилади.
Йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммаси тақсимланишида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзли давр 1 йилдан 2 йилга узайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорларга 2021 йил 1 мартдан бошлаб йўлларга камералар ва радарлар ўрнатишга рухсат берилган эди.
Тошкентнинг марказий кўчасига интелектуал камера ўрнатилди - фото