Марказий Осиё президентлари саммити Душанбеда бўлиб ўтади

МО раҳбарлари Душанбеда иккита муҳим шартнома – қуруқликдаги транспорт ва ёшлар сиёсати соҳасида имзолайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари 14-15 сентябрь кунлари Душанбеда учрашади, деди Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин.
Вазирнинг сўзларига кўра, олий даражадаги бешинчи маслаҳат йиғилиши Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтади.

"Ушбу учрашувни юксак савияда ва муносиб ўтказиш учун Марказий Осиё давлатлари билан доимий ҳамкорликда бўлиб, ҳар томонлама тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда", – деди Сирожиддин Муҳриддин.

Вазир Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида ҳужжатлар тўплами имзоланишини, улардан энг муҳими давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлишини айтди.
Шунингдек, Душанбеда иккита муҳим шартнома – қуруқликдаги транспорт ва ёшлар сиёсати соҳасида имзоланади.

"Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида 12 та қўшимча тадбир ўтказишни таклиф қилди. Улар орасида иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва минтақанинг бешта давлати миллий таомлари кўргазмаси ҳам бор”, - деди ТИВ раҳбари.

Шу билан бирга, Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси режалаштирилган бўлиб, унинг якунлари бўйича бир қанча қарорлар имзоланиши керак.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи учрашуви ўтган йили 2 июнь куни Қирғизистонда бўлиб ўтган эди. Марказий Осиё раҳбарлари бешлик форматида учрашувлар ўтказиши 2018 йилда Остонада бошланган эди.