Асоссиз ишдан бўшатилган фуқароларга 1,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўланди — Омбудсман

Фуқароларни асоссиз ишдан бўшатган раҳбарлар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистонда асоссиз ишдан бўшатилган фуқароларга 1,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўловлари ундириб берилди. Бу ҳақда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида 30 га яқин фуқароларнинг асоссиз ишдан бўшатилганлиги аниқланиб, уларнинг ишга тикланишига эришилган.

“6 та ҳолатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги сабабли иш берувчи (раҳбар) маъмурий жавобгарликка тортилган”, - дейилади хабарда.

Омбудсман томонидан ундирилган тўловлар:
11 нафар фуқарога 1,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўловлари ундирилди;
21 та ҳолатда фуқароларга жами 212,5 млн сўм иш ҳақи, алимент ва бошқа тўловлари тўланди;
2 та ҳолат бўйича фуқароларнинг коммунал тўловларининг 8 млн сўмга яқин нореал қарздорликлари тўлаб берилди;
Даволаниш учун 4 нафар фуқарога 22 млн 620 минг сўм моддий ёрдам ажратилишида амалий кўмак кўрсатилди;
Даволаниши учун 4 нафар фуқарога ордер олиб берилди;
1 та ҳолатда МФЙнинг тегишли тавсияномаси билан қонуний имтиёзга эга фуқаронинг ОТМга қабул қилинишига эришилди.
Айтилишича, омбудсманга келиб тушган жами мурожаатларнинг 27,1% фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 28,7% ижтимоий ҳуқуқ, 31,4% иқтисодий ҳуқуқ, 10,8 % фуқароларнинг мурожаат этиш ва 1,9% экологик ҳуқуқларга оид.
Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидан, энг кам мурожаатлар эса Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон республикасидан келиб тушган.