ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. 14 август куни “Пахта хомашёсини етиштирувчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳамда ҳисобга олиш муддатларини мувофиқлаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
2023 йил ҳосилидан пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта хомашёси тўлиқ электрон тарози орқали қабул қилинади;
ҚҚСни пахта хомашёси бўйича якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддатигача тўлаш ва ҳисобга олишга рухсат этилади.
2026 йил 1 апрелгача пахта-тўқимачилик кластерлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари) ўртасидаги ҳисоб-китоблар ҳамда ҚҚСни ҳисобга олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосили учун якуний ҳисоб-китоблар ўз муддатида амалга оширилмаганда, юзага келган солиқ қарздорлигини ҚҚС тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари)га 3 ой муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
- пахта-тўқимачилик кластерларига қабул қилиб олинган пахта ҳосили учун электрон ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасини қишлок хўжалиги корхоналари (фермер хужаликлари) томонидан ҚҚС бюджетга тўлаб берилганидан сўнг ҳисобга олишга рухсат этилади.
ҚҚСни бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган дастури ишга туширилади.
2023 йил 5 сентябргача ҳудудлар ва кластерлар кесимида пахта хомашёсини йиғиб олиш билан боғлиқ маълумотлар шакллантириладиган ахборот тизими ишга туширилиб, 2023 йил 15 сентябрдан “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилинади.