ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни олишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади.
Ички ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда бу имкониятни яратиши керак.
“Электрон хукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали зарур ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан сўраб олиш ҳамда давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқлаган ҳолда электрон тарзда бериш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, талабгорлар ҳудудий имтиҳон комиссиясининг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қароридан норози бўлган тақдирда апелляция шикояти бериши мумкин.
Апелляция имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали берилади.
Бундай ҳолда, имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида апелляция имтиҳони ўтказилади, унинг натижасида қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
- апелляция қаноатлантирилишини рад этиш;
- синов имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляцияни қаноатлантириш;
- синов имтиҳон натижаларини бекор қилиш ва такрорий имтиҳон тайинлаш.
Талабгор Апелляция комиссиясининг қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин.
"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонуннинг 19 ва 20-моддаларида мамлакат фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсдан давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиш талаб этилиши белгилаб қўйилган.