Тоза ҳаво муҳитини яратиш ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлади – Мирзиёев

Барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш бўйича топшириқ берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ҳудудларда тоза ҳаво муҳитини яратиш энди ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Бухородаги йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари йиғилишда мамлакат ҳудудларида кўкаламзорлаштириш ишларига тўхтатиб ўтди.
Яшил макон" дастурида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш бўйича барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш кўзда тутилганди.
Бунинг учун ҳар бир ҳудудда баҳор ва кузда 15 миллион тупдан кўчат экиш режалаштирилган. Бундан ташқари, барча шаҳарлар атрофида "яшил белбоғлар" қуриш режа қилинган.
Президент айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйганини танқид қилди. Масалан, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган. Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган.

Мирзиёев ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлишини таъкидлади.

Барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш топширилди.
Аввалроқ Ўзбекистон маросимларда дарахт экиш анъанасини тиклаши мумкинлиги хабар қилинган эди.