Ақиқа, бешиктўйи, болақочди: суннат тўйи билан боғлиқ маросимларни биласизми?

“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимизнинг навбатдаги сони суннат тўйи билан боғлиқ маросимларга бағишланган.
Sputnik
Фарзанд – ота-она учун буюк бахт, чунки у авлод давомчиси ва таянчи. Унинг туғилиши оиланинг каттаю кичигига бирдай қувонч бағишлайди. Бола туғилганидан маълум бир ёшга етгунча турли маросимларни ўтказиш, тўй-тантаналар қилишдек анъаналар ҳам дунё халқларида кенг тарқалган. Бундай урф ва анъаналарнинг пайдо бўлишига эса инсонларнинг ўз яхши кунларини, қувончларини яқинлари билан баҳам кўриш истаги сабаб бўлган. Ўзбек халқида ҳам бу каби оилавий, маҳаллий урф-одатлар, маросимлар кўп. Бу галги мақоламизда ана шундай удумларга тўхталамиз.

Бешиктўйи

Чақалоқни бешикка белаш-боғлаш маросими номи. Халқимиз орасида шаклланган қадимий анъанага кўра, бешик асосан тут, жийда, ўрик каби мевали дарахтлар ёғочидан тайёрланади. М.Жўраев ва Л.Худойқулованинг фикрича, мевали дарахтлар қадимги аждодларимиз тасаввурида ҳосилдорлик, қут-барака тимсоли сифатида қаралганлиги учун яхши ният билан – бешикка боғланаётган бола келажакда “ўзидан кўпайсин” деган умидда бу дарахтларнинг ёғочидан бешик тайёрланган. Аждодларимиз мевали дарахтларга хос сермевалилик, яъни ҳосилдорлик хусусияти бешик орқали болага ҳам ўтади, деб ишонганлар. Одатда, чақалоқнинг “киндиги тушгандан” кейин – бола 3, 5, 7, 9 кунлик бўлганда бешикка белаш маросими ўтказилган.

Ақиқа

Чақалоқ туғилганлиги муносабати билан у 7 ёки 14 ёхуд 21 кунлик бўлганда оила яқинлари ёки маҳалла-кўй иштирокида ўтказиладиган зиёфат маросими номи. Ақиқа соф диний мазмундаги маросим бўлганлиги сабабли собиқ иттифоқ даврида ўтказмай келинди. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида яна оммалаша бошлади. Мазкур маросимда, албатта, бирон-бир жонлиқ сўйилиши ва эҳсон маросими ўтказилиши керак. Ақиқа сўзи араб тилида “қурбонлик қилиш” маъносини билдиргани учун маросим шундай аталган. Ақиқа давомида диний уламо Қуръони каримдан оятлар ўқиб, дуолар қилади.

Дўпписупурди

Келажакда қудалашишни истаган томон вакилининг бўлажак келин эшиги бўсағасини супуриб келиш одати номи. “Маросимнома” китобида қайд қилинишича, ўзаро яқин муносабатдаги оилалар келгусида қудалашишни ният қилишса ва шу оилаларнинг бирида қиз, иккинчисида ўғил туғилса, ўғил боланинг онаси ўғлининг дўпписи билан қиз чақалоқ дунёга келган хонадон эшигининг бўсағасини супуриб келган. Супуриш ҳаракати, албатта, рамзий маънога эга бўлган. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Жиғачи, Тангачар, Ваҳм, Осиё қишлоқларида қайд этилган бу удум бажарилгандан кейин бу қизалоқ дўппи эгаси бўлган ўғил боланинг “дўпписупурди”си ҳисобланган, унаштирилган деб қаралган [Жўраев М., Худойқулова Л. Маросимнома. (Ўзбек халқининг урф-одат ва маросимлари ҳақида қисқача маълумотнома). – Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008. 37 – 38-бетлар]. Болалар улғайгач, бир-бирига кўнгли бўлса, улар оила қуришган.
Худди шу удум Хоразм вилояти қишлоқларида ҳам бўлганлигини Ж.Юсупов қайд қилиб ўтган: ўғил фарзанди бўлган ота-она ўзи қудалашмоқни ният қилган хонадонлардан бирида қиз бола дунёга келса, қариндошларидан бўлган бир кампирга боласининг дўпписини бериб, қизалоқ туғилган оилага жўнатган. Кампир ана шу дўппи билан қиз туғилган уй остонасини супуриб келган [Юсупов Ж. Хоразм эртаги ва ҳаёт ҳақиқати. – Тошкент: Фан, 1997. 75-бет].
Мусулмон дунёсида ўғил фарзандни хатна қилиш суннат амаллардан саналади. Исломни комил дин сифатида маҳкам тутган ўзбек халқи ҳам ўғил болаларни суннат қилиш ва у билан боғлиқ маросимларни ўтказиб келади. Суннат тўйи деган ном ҳам шундан келиб чиққан. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида хатна қилиш маросими боланинг кичик тўйигача ёки тўйи куни ёхуд тўйидан бир кун кейин ўтказилади. Бу маросимлар номи ҳам ҳар хил аталган. Биз улардан энг қизиқ иккитасининг изоҳини қуйида бериб ўтамиз.

Гулақилиш

Сурхон воҳасида болани хатна қилиш маросими номи. “Маросимнома” китобидаги маълумотга кўра, Олтинсой туманида суннат тўйи куни тўйбола ётган уйнинг деворига зар матодан тикилган кичкина тўн, ойна ва нон осиб қўйилган. Қумқўрғон туманида бола хатна қилинадиган хонанинг деворига гилам осиб, устига иккитадан – тўртта нон, болага атаб тикилган чопонча ҳамда “боланинг ҳаёт йўли ойнадай ёруғ бўлсин” учун ойна илиб қўйилади. Бу ўринда нон – ризқ-рўз рамзи бўлса, ойна – суннат қилинадиган хонани зиён-заҳматлардан тозалаш воситаси сифатида кўрилган. Бу юрт вакилларининг тасаввурига кўра, тўйболага зиён етказиши мумкин бўлган ёвуз кучлар ойнада ўзларини кўришдан чўчийди ва хонани тарк этади [Жўраев М., Худойқулова Л. Маросимнома (Ўзбек халқининг урф-одат ва маросимлари ҳақида қисқача маълумотнома). – Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008. 34-бет].

Чукбуррон

Тўйболани суннат қилиш маросими номи. Одатда, суннат тўйи чукбуррон билан, яъни ўғилни суннат қилиш билан якунланган. “Бурон” сўзи форс-тожикча бўлиб, “кесиш, қирқиш” деган маънони билдиради.

Ковушбекитди

Хатначи устанинг оёқ кийимини беркитиб қўйиш одати номи. “Маросимнома”да ёзилишича, суннат тўйи куни бола хатна қилинаётганда тўйболанинг отаси ва қариндошларидан совға олиш мақсадида устанинг оёқ кийими беркитиб қўйилган. Бу удум Андижон шаҳрида “калиш олиб қочди”, Балиқчи туманида “кавуш яширди”, Хоразм вилоятида “ковуш гизлади”, яъни “ковуш бекитди” дейилади. Бу одат суннат тўйининг ўзига хос удумларидан бири ҳисобланган. Хатначи тўйболанинг қўлини ҳалоллаш билан бандлигиган фойдаланиб, катталар кўрсатмаси билан бирор бола ёки ўсмир унинг ковушини “ўғирлаган”. Ҳалиги бола тўй эгаларидан совға олгач, ковуш “топиб берилган”.

Бойланди

Суннат тўйида қўли ҳалолланаётган боланинг онасини қўлини боғлаб, аёллар унинг атрофида айланиб “ёр-ёр” айтиш удуми номи. М.Жўраев ҳамда Л.Худойқуловаларнинг маълумотига кўра, бу удум Андижон шаҳрида “қўли боғланди”, “боғланди”, “боғлади”, Қўрғонтепа туманида “бойланди”, “боғланди-боғланди”, Қўқонда “боғлар” дейилган. Ҳозирги кунда жуда сийрак учрайди. Избоскан туманида тўйбола онасининг эмас, балки тўй қилаётган оиланинг яқин қариндоши ҳисобланган бир кекса кампирнинг қўли боғланади ва шу боис удум “кампир боғлади” дейилади.
Халқимиз ўртасида суннат қилинаётган болани атай олиб қочиб кетиш, болани яшириб қўйиш ва топиб бериш билан боғлиқ удумлар бўлган. “Болақочди”, “Болаберкитар”, “Болакўрди”, “Хўрозсўйди” одатлари шулар жумласидан.

Болақочди

Тўйболани хатна қилишдан олдин қочириб юбориш удуми номи. “Маросимнома” китобида айтилишича, Андижонда тўй куни болани яқин қариндошларидан бирининг уйига олиб бориб бекитиб қўйиш удуми “бола беркитди”, “бола олиб қочди”, “ўғил яшириш” деб аталган. Касби тумани Комилон қишлоғида хатнадан аввал атай “болақочди” маросими ўтказилган. Бунда тўйболага чопон кийгизиб олган йигитлар, уни кўтариб тоғаси ёки бирорта қўшнисиникига олиб борганлар. Оқшомда тўй бошланаётганда йигитлар машъала ёқиб, тўйболани тўйхонага кўтариб кирганлар.

Болаберкитар

Хатна қилиниши керак бўлган болани яшириб қўйиш одати номи. Бу удум йўлига, ҳазил тариқасида ўтказиб келинган бўлиб, тўйчилардан бирон-бир совға олиб, кейин тўйбола хатначи устага “топиб берилган”. Бу каби одатлар қирғизистонлик ўзбекларда ҳозир ҳам сақланган. У ерлик ўзбеклар орасида бу удум “болакўрди” удумига уланиб кетади.

Болакўрди

Маҳалладош ўсмирлар ва “болаберкитар”да қатнашган болаларнинг хатна қилинган болани кўргани келишдан иборат удуми номи. Бу удумга кўра, тўйбола ширинлик, мева-чева ва бошқа совғалар билан кўриб кетилган. Албатта, тўйчилар ҳам келган меҳмонлар олдига ош-нон тортган.
Ўтган ҳафтада "Халаж, қавола, роғ, торож, тиззиқ сўзларининг маъносини биласизми? деган мақола бергандик.
Ўзбекнинг ўз сўзлари рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар:
Шашлик ё кабоб: қайси бири ўзбекчалигини биласизми?
Алмисоқдан қолган, гўрига ўт қаламоқ: иборалар тарихини биласизми?
Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхат
Бу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қўл учида, бир пул: ўзбекча ибораларга оид қизиқарли тест, Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.