ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Кеча, 8 август куни, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, логистика, туризм, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Шавкат Умурзоқов Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга олий даражадаги ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида имзоланган Тошкент ва Доҳа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича Англашув меморандуми ижроси юзасидан йўл харитасини тайёрлаш, Қатарнинг бизнес делегацияларини Янги Тошкент шаҳри лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилиш, Қатарда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми манзилгоҳларини тарғиб қилишни ташкил этишга қаратилган ишларни жадаллаштириш борасида фикр билдирди.
Ҳасан Ҳамза Ҳошим Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи тарихий ташриф бўлгани, бунда 15 дан ортиқ шартномалар имзолангани ва жуда кўп соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришда амалий ишлар бошлаб юборилганлигини билдирди. Ҳамкорликнинг истиқболлари катта эканлигини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдиришди.