ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Фуқароларнинг бармоқ изи маълумотлари асосида пенсия ва нафақа тўлаш тизими жорий этилиши кутилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
Мазкур қарор фуқароларга пенсия тўлашда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда маблағларни манзилли ва мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ҳужжат лойиҳаси қабул қилинса, “Халқ банки” сайёр кассалари томонидан махсус планшетларда фуқароларнинг бармоқ изи маълумотларини Персоналлаштириш агентлигига электрон сўров юбориш орқали ўзаро мос келганлиги тасдиқланганидан сўнг нақд пул шаклда пенсия ва нафақа тўлаш тизими жорий этилади.
Маълумотлар тасдиқлангандан сўнг, пенсияни етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан фуқарога пенсия тўлови амалга оширилади.
Республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида интернет тезлиги ёки бошқа муаммолар сабабли пенсия олувчининг бармоқ изларини электрон шаклда солиштириш имконияти бўлмаганда нақд пул шаклда пенсия ва нафақалар тўлов қайдномаларини имзолаш орқали амалга оширилади.
Пенсия олувчи томонидан планшетга қўйилган бармоқ изи тўловни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.
Қарор қабул қилиниши “Халқ банки” ва Пенсия жамғармасининг бюджетдан ташқари маблағларидан 9 млрд сўм қўшимча маблағ талаб этилади.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 22 августга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биринчи апрелдан ойлик, пенсия ва нафақалар миқдори оширилди. Шунингдек, август ойидан иш стажига эга бўлмаганларга бериладиган нафақа миқдори ҳам оширилади.