ЖССТ Ҳиндистон ва Британияда коронавируснинг янги тури тарқалаётганидан хавотир билдирди

Буюк Британияда “Eris” туфайли шифохонада ётиб даволанувчилар сони ортган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистон ва Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси тарқалаётганидан хавотирда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ССВ.
Таъкидланишича, шу кунларда дунёнинг баъзи минтақаларида COVID-19 инфекцияси яна фаоллаша бошлади. Бу ҳолат коронавируснинг янги EG.5.1 субварианти тарқала бошлагани билан изоҳланмоқда.
Хусусан, “Eris” деб номланган мазкур мутация илк бор шу йилнинг март ойида Ҳиндистонда аниқланган эди. Бир ой аввал эса у Буюк Британияда ҳам қайд этилди.
Ҳозир ҳар икки мамлакатда EG.5.1ни юқтирганлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, Ҳиндистонда бу мутация билан хасталанган беморлар сони 1574 нафарга етган.
Буюк Британияда эса июль ойи биринчи ярмида COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг тахминан 11,8 фоизида "Eris" аниқланаётганди. Август ойидаги маълумотлар бу кўрсаткич 14,6 фоизга ошганини тасдиқлади.
Ҳозир ЖССТ экспертлари вирусни юқтирганлар сони жадал ўсиши мумкинлигидан хавотирда. Бу дунёдаги эпидемиологик вазиятга жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Эслатиб ўтамиз, “омикрон” штаммининг субварианти ҳисобланган EG.5.1 аксарият ҳолларда бурун оқиши, бош ва томоқ оғриғи, аксириш ҳамда ҳолсизлик каби аломатлар билан намоён бўлмоқда. Ҳозирча янги мутациянинг юқувчанлик даражаси ва асоратлари ҳақида якуний хулосалар йўқ.
Аммо Буюк Британияда “Eris” туфайли шифохонада ётиб даволанувчилар сони ортган. Шулардан келиб чиқиб, ЖССТ EG.5.1 ни кузатув остидаги субвариантлар рўйхатига қўшди.
ЖССТ коронавирус пандемияси якунланганини эълон қилди