ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Британияда Гулнора Каримованинг учта мулки мусодара қилинди. Бу ҳақда Йирик фирибгарликлар билан курашиш бюроси (Serious Fraud Office, SFO) хабар берди.
Хабарда айтилишича, Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг 20 миллион фунт стерлингдан ортиқ мулкини мусодара қилди. Гап иккита хонадон ва қаср ҳақида кетмоқда.
Иккала хонадон ҳам Лондоннинг Белгравия шаҳрида, сарой эса Суррейда жойлашган.
"Гулнора Каримованинг мусодара қилинган мулкининг қиймати 20 миллион фунт стерлингдан ошади", - дейилади хабарда.
Бюро маълумотларига кўра, мусодара қилинган кўчмас мулк Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан тушган маблағ эвазига сотиб олинган.
SFO қайд этишича, Каримова 2004-2012 йиллар давомида телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига киришда ёрдам бериш эвазига юзлаб миллион доллар пора олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг Швейцариядан ташқари Франция, Бельгия, Буюк Британия, Латвия ва Россия каби давлатларда ҳам активлари бўлгани маълум қилинганди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан ундирилиши лозим бўлган жами активлари тақрибан 686 миллион долларга тенг экани айтилган.