ТОШКЕНТ, 8 авг — Sputnik. АҚШ давлат котибининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Виктория Нуланднинг Нигерга ташрифи самарасиз бўлди ва инқирозни ҳал қилишга кўмаклашмади. Бу ҳақда Франциянинг RFI радиостанция хабарида айтилган.
Аввалроқ Нуланд журналистларга Нигерга ташриф буюргани ва ҳарбийлар вакиллари билан учрашганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, “музокаралар жуда ошкора ва баъзан жуда мураккаб бўлган”.
RFI хабарига кўра, ташриф самарасиз бўлган, чунки Америка расмийси на ҳукуматдан четлаштирилган мамлакат президенти Муҳаммад Базум билан, на исёнчилар етакчиси Абдураҳмон Тчиани билан учрашишга муваффақ бўлган. Бу дипломатик ташриф инқирозни ҳал қилиш учун асос ҳам яратмаган.
Радио Нуланддан олдин Нигерга Мали вазири Абдулайе Маига ҳамда Буркина-Фасо делегацияси ташриф буюрганини эслатган.