ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Ўзбекистон элчихонаси Мисрда автоҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқаросининг ватанига хавфсиз қайтишига кўмаклашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабарига кўра, жорий йилнинг 6 июнь куни Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон фуқароси С.Н. йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оғир тан жароҳати олган.
Бемор тан жароҳатлари билан Қоҳира шаҳридаги шифохоналарнинг биридаги интенсив терапия бўлимига жойлаштирилган. Ўтказилган текширувлар натижасида унга ўпкада пневмоторакс, тос суяги ва чап оёқ синиши ташхиси қўйилган ҳамда юз ва танада кўплаб гематомалар аниқланган.
Элчихона ходимлари биринчи кундан беморнинг ҳолатини мунтазам назоратга олган. Жумладан, Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалий кўмагида бемор 12 июнь куни Қоҳира шаҳрида нуфузли ва йирик ҳисобланган “Насер тадқиқотлар ва даволаш институти” клиникасига Миср хукумати инсонпарварлик ёрдами тариқасида бепул муолажа учун жойлаштирилган. Икки ойга яқин вақт мобайнида шифохонада бемор учун керакли барча тегишли тиббий кўрик ва тадқиқотлар амалга оширилган.
Қоҳирадаги Ўзбекистон элчихонаси, “Uzbekistan Airways” АЖ, Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистондан етиб борган мутахассислар кўмагида фуқаро С.Н. Шарм аш-Шейх – Тошкент йўналишидаги рейс орқали 5 август куни Ўзбекистонга юборилган.