Келдиёрова халқаро турнирда яна совриндор бўлди — у рақибасини неча сонияда мағлуб қилди?

Келдиёрова учинчи ўрин учун кечган баҳсда буюк британиялик рақибасини атиги 45 сония ичида мағлуб этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик дзюдочи Диёра Келдиёрова икки карра “Мастерс” турнири совриндори бўлди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Диёра Келдиёрова фаолиятида иккинчи бор “Мастерс” сериясига кирувчи мусобақанинг совриндорига айланди. У Венгрия мезбонлик қилаётган турнирда иштирок этиб, бронза медалига эга чиқди.
Дзюдочи учинчи ўрин учун кечган баҳсда буюк британиялик Челси Жайлсни атиги 45 сония ичида мағлуб этди.
“Ушбу ғалаба Келдиёровага жаҳон ва Олимпиада рейтинги учун 900 очкони тақдим қилади”, дейилади хабарда.
Ғалабагача кечган жараён:
Келдиёрова дастлаб жанубий кореялик рақибасидан устун келган спортчи иккинчи даврада озарбайжонлик дзюдочини мағлубиятга учратди;
Афсуски, чорак финалда мезбонлар вакиласи Река Пупга имкониятни бой бериб қўйди;
Ўтиш босқичида германиялик Маша Баллхаус мағлуб этилгач, Келдиёрова шоҳсупага кўтарилиш имкониятини сақлаб қолди.
Маълумот учун, “Мастерс” йўналишига кирувчи турнир йилида бир марта ўтказилади. Унда фақат ҳар бир вазн тоифасида 36 нафар энг кучли спортчилар рўйхатига киритилганлар иштирок этиши мумкин. Турнир 6 августга қадар давом этади.
Диёра Келдиёрова
Эслатиб ўтамиз, спортчи 2019 йил Хитой мезбонлик қилган “Мастерс” мусобақасида илк бор шоҳсупага кўтарилган.
Шу йилнинг май ойида Дохада ўтказилаётган 36-жаҳон чемпионатининг иккинчи куни Ўзбекистон терма жамоа учун омадли келганди. Унда -52 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган Диёра Келдиёрова финалга қадар мағлубиятсиз етиб келиб, Ўзбекистон дзюдоси тарихида жаҳон чемпионати медалини қолга киритган илк аёл дзюдочига айланган эди.
Шунингдек, спортчи июнь ойида Мўғулистонда бўлиб ўтган дзюдо бўйича Улан-Батор “Катта дубулға” турнирининг бронза медалига эга чиқди. У бронза медали учун кечган беллашувда БАА вакили Хорлодои Биршелтдан устун келган.