ДХХ ўқишга киритишни ваъда қилган ОТМ ходимларини қўлга олди — видео

ДХХ Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ўқишга киритишни ваъда қилган ОТМ ходимларини қўлга олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Олий таълим муассасаларига (ОТМ) ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Айтилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг қатор вилоятлардаги ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган.

Андижон вилоятидаги ҳолат

Андижон давлат университети ходими юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони мазкур олий ўқув юрти Биология йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қашқадарё вилоятидаги ҳолат

Қарши шаҳрида яшовчи, 1992 йилда тўғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида уни Қарши давлат университетининг Спорт факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг доллар олган вақтида ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбир ўтказди.

Чирчиқ шаҳридаги ҳолат

Чирчиқ давлат педагогика университетининг бўлим бошлиғи 2 нафар фуқаронинг Россия олий ўқув юртидаги ўқишини ўзи фаолият юритаётган университетга кўчириб бериш ва 2 нафар фуқарога инглиз тилини билиш бўйича халқаро сертификат олиб бериш эвазига 10 100 доллар олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси фуқарони ушбу олий ўқув юртининг Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг доллар олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Қибрай туманида яшовчи эр-хотин ўзларининг танишлари ёрдамида фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3500 доллар олган вақтида ушланди.
“Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211- (пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 август куни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сони 948 486 нафарни ташкил этди.