ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. “Шовот-Тошовуз” қўшма савдо зонасини тез фурсатда ишга тушириш зарур. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов иштирокида ўтган музокара давомида маълум қилинди.
Учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилишди.
Айтилишича, олий даражадаги келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар ўртасидаги алоқалар тизимли тус олган.
“Шовот-Тошовуз қўшма савдо зонасини тез фурсатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
Биргаликдаги кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувлар ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида икки давлат етакчилари Шовот-Тошовуз” чегараолди савдо зонасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишган эди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон томонининг таклифига биноан 4 август куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлиб турибди. Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига келгач, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Мамлакат етакчиси Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг уч томонлама учрашувида иштирок этади.