Тилда битта сўз бир неча маънони ифодалайди, айни пайтда, битта маънони англатадиган бир неча сўз ҳам бор. Битта сўзнинг бир неча маънода қўлланиши шу сўзнинг маъновий бойлигини кўрсатса, бир неча сўзнинг битта маънони билдиришга хизмат қилиши бир фикрни турлича етказиш мумкинлигини намоён этади. Ўзбек тилида бир содда сўз билан ифодаланишини мумкин бўлган маънони жуфт сўзлар орқали намоён этиш мумкинлиги тилимизда фикр ифодалашнинг ҳар хил йўллари борлигини кўрсатади. Бироқ биз кунда-кунора кўриб-эшитиб юрган хотин-халаж, қарз-қавола, боғ-роғ, талон-торож, аччиқ-тиззиқ сингари жуфт сўзларнинг иккинчи қисмининг маъноси кўпларимизга нотаниш. Бу сафар Сизлар билан ана шундай сўзлардан баҳс этамиз.
Хотин-халаж
“Хотин-қизлар”, “аёллар” маъносини билдиради. Масалан: Қўчқор. Олимтой, лекин, жа савоб иш қиляпти-да. Ракатопсин. Мана, хотин-халаж, бола-чақа йил бўйи даладан бери келмайди. (Шароф Бошбеков, Темир хотин) Жуфт сўз таркибидаги халаж сўзи ўзбек тилида ўзи алоҳида қўлланмайди ва шунинг учун ҳам маъноси кўпчиликка нотаниш. Халаж сўзи “Девону луғотит турк” асарида туркий қабила номи сифатида учрайди [Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. 3-жилд. – Тошкент: Фан, 1963. 218-, 415-бетлар], аммо унинг бизни қизиқтирган халаж сўзига алоқаси йўқдек. “Қуръони карим”нинг икки тафсиридаги “Тавба” сурасининг 87-оятини қиёслаш орқали халаж сўзининг “бола” маъносини билдириши маълум бўлди. Қиёслаб кўринг: Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. – Тошкент: Munir, 2022. 324-бет); (Улар) қолувчи (аёл ва бола)лар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. (Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Sano-standart, 2019. 201-бет)
Қуйидаги мисолда халаж сўзининг “бола” маъносида келиши очиқ кўринади: Ташқаридан боқсангиз, синган шоирнинг ҳамма нарсаси бор: хотин-халаж, уй-жой ва ҳоказолар. (Раҳимжон Раҳмат, Адабиёт манзаралари)
Қарз-қавола
“Ёрдам тариқасида олинган пул” маъносини билдиради. Аслида эса қарз-қавола сўзи ҳар қандай қарзга олинган пулни билдирмайди. Бунинг учун биз араб тилидан ўтган қавола сўзининг маъносини билиб олишимиз лозим. Араб тилида бу сўз “кафолат бериш” маъносини билдиради. Ўзбек тили тарихида эса дастлаб “ёзма кафолат бериб қарзга олинган пул” маъносида қўлланган. Кейинроқ эса бу маънодаги “ёзма кафолат бериш” маъноси унутилган ва ёзма кафолатсиз, оғзаки ваъда бериб қарзга олинган пул”ни билдиришга ўтган. Бугунги кунда қарз-қавола сўзи дастлабки маъносида тарихий мавзудаги асарлардагина қўлланади. Қиёслаб кўринг: Ваҳоланки, уч миллиард сўм қарз-қавола фақат аҳолининг қўлига берилган тилхат асосида аниқланган эди. (Набижон Боқий, Чингиз афандига мактублар) Лекин сиз кўп куйинаверманг, ҳеч бўлмаса, у-бу тиқиштириб тинчитишнинг иложи бор чиқар, қанча харажат бўлсаям, айтаверинг, қарз-қавола кўтариб бўлсаям топамиз. (Абдуқаюм Йўлдош, Биз бўлмаган жойларда)
Демак, қарз-қавола сўзи аввал “ёзма кафолат бериб қарзга олинган пул” маъносини билдирган, ҳозир ҳужжат биланми ёки ҳужжатсизми, бундан қатъи назар, умуман, “ёрдам тариқасида олинган пул” маъносини англатади.
Гап-гаштак
“Ҳар ҳафта ёки ойда бир марта дўст-улфатларнинг бириникида ўтказиладиган зиёфат” маъносини билдиради. Масалан: Кеч кузакка борибгина ризқ-рўз қидириб кетган эркаклар топган-тутганини белига боғлаб қайтиб келар, ана шунда кечалари гап-гаштак авжига чиқар эди. (Эркин Аъзам, Гули-гули) Қизиғи шундаки, гап сўзининг ўзи ҳам шу маънони ифода қилади. Қиёслаб кўринг: Бугун жума бўлгани учун Ҳакимбойвачча ва Мирзакаримбой ўз улфатлариникига гапга кетишган (Ойбек, Қутлуғ қон).
У ҳолда нега халқ гап-гаштак сўзини ижод қилган? Бунинг сабабини билиш учун гаштак сўзининг маъносини билиб олишимиз лозим. Гаштак сўзи ўзбек тилида йўқ, шу боис бу сўзнинг маъносини тилшунос бўлмаган одам билмаслиги мумкин. Гаштак сўзи асли тожикча, бу сўз тожик тилида “қишда улфатлар ўртада тенг пул ёки масаллиқ йиғиб қиладиган зиёфат” маъносини билдиради. “Ўртоқ-тенгқурларнинг зиёфати” маъносини билдирадиган икки сўзни жуфтлаб гап-гаштак сўзини ижод қилишдан мақсад маънони умумлаштириб, кенгайтириб ифодалаш зарурати бўлган.
Ўзбек тилидаги жуфт сўзларнинг катта қисми маънони кенгроқ, умумийроқ ифодалаш зарурати билан ясалган. Шундай сўзлардан бири боғ-роғ. Ўзбек тилида “мевазор, токзор, гулзор боғлардан иборат майдон, парк ва шу кабилар” боғ-роғ дейилади. Бу сўзнинг маъносини аниқ тасаввур қилиш учун уни роғ сўзининг маъноси билан қиёслаб кўриш керак. Роғ сўзи “тоғ этаги”, “ўтлоқ, майсазор” маъноларини билдиради. Бу сўзни боғ сўзига жуфтлаб ҳосил қилинган боғ-роғ сўзи маънони боғ сўзига қараганда кенгроқ, кучлироқ ифодалайди, унда “гуллаб-яшнаган боғ” маъноси устувор. Ўзингиз бир қиёслаб кўринг: Ҳаммамизнинг уйимизда ҳусайними, бувакими ё бошқа хил узум исталганча бўлса ҳам, шу боғдаги узумлардан кўзимизни узолмасдик. (Ўлмас Умарбеков, Чарос) Этакдаги каттакон қишлоқ, боғ-роғлар асосан шу ариқдан сув ичади (Эркин Аъзам, Жаннат ўзи қайдадир).
Талон-торож
“Бировнинг мол-мулкини кўплашиб тортиб олиш, талаб кетиш” маъносини билдиради. Бу жуфт сўзнинг талон қисми ўзбек тилидаги таламоқ сўзидан олинган: Кеннайимга яна бир хат ёзасан. Пул уч кунда шу ерда бўлиши керак, – деди йигит. – Бўлмаса... – Биламан, – деди Шариф, – молим ҳам, жоним ҳам талонда. (Тоҳир Малик, Шайтанат) Ўзбек ўша ўзи билган талон сўзига -чи қўшимчасини қўшиб, талончи сўзини ясаган ва бу сўзга “бировнинг мол-мулкини талаб кетувчи, тортиб олувчи кимса” маъносини бириктирган: Агар шунчалик жонинг ачишаётган экан, боғни талончилардан ҳимоя қилмайсанми! (Саид Аҳмад, Киприкда қолган тонг) Бу билан ҳам тиниб-тинчимаган халқимиз талончи одам қилиб юрадиган ишни талончи сўзига -лик қўшимчасини қўшиб, талончилик деган ўта салбий баҳоли сўзни ижод этган: Кечаси шаҳарда талончилик авжига чиқди (Пиримқул Қодиров, Юлдузли тунлар).
Бироқ торож дегани нима бўлди экан? Луғатлардан маълум бўлишича, торож – тожикча сўз ва у “талончилик, ўғрилик, босқинчилик” маъносини билдиради. Ҳозир ҳам жуда кам ҳолатда бадиий асарларда ишлатилади: Ёғди тўрт ёндин асрлар Бошингга тийри камон, Умри қурбон, мулки торож, Юрти вайрон, ўзбегим (Эркин Воҳидов, Ўзбегим).
Талон-торож сўзи алоҳида қўлланган талон ва торож сўзларига қараганда маънони кенгроқ ва кучлироқ ифодалаганлиги учун шундай жуфт сўз ясалган. Юқоридаги мисоллар билан қуйидаги мисолни таққослаб кўрсангиз, фикримиз тўғрилигига ўзингиз амин бўласиз: Шерхондан кейин подшо бўлган унинг ўғли Исломшоҳ интиҳосиз талон-торожлари билан ўзининг афғон юртдошарини ҳам жонидан тўйдирди (Пиримқул Қодиров, Авлодлар довони).
Аччиқ-тиззиқ/Аччиқ-тирсиқ
“Зардали айтилган, жаҳл билан қилинган” гап-сўз ёки хатти-ҳаракатни билдиради. Бу жуфт сўзнинг нима маъно билдиришини-ку биламиз, аммо тиззиқ ёки тирсиқ дегани қандай маъно билдиради, мана шуниси қоронғи. Тил тарихига оид луғатларда тиззиқ (ёки тирсиқ) сўзи учрамайди, балки тирзиқ шаклида қайд қилинган сўз бор ва унинг “бири иккинчисига келишмаган гап-сўз” маъносини билдириши айтилган. Тирзиқ сўзи алоҳида ҳолда тилимиз тарихида жуда кам қўлланган: Ғоят шўх табълиғидин тирзиқ айтмоқ қоидасин Мир пайдо қилди (Алишер Навоий, Мажолисун-нафоис).
Кейинчалик ўзбек тили эгалари тирзиқ сўзини ўз талаффузларига мослаштирган. Натижада, р товушининг ўрнини з товуши эгаллаган ва аччиқ-тиззиқ ҳолига келиб қолган. Бундай ўзгариш кўпроқ оғзаки нутқда юз берган, ҳозирги ўзбек тилида аччиқ-тиззиқшаклида жуда кам ҳолатда қўлланади, кўпинча бадиий тилда учрайди. Табиийки, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудида яшовчилар ҳам бу сўзни аччиқ-тирсиқтарзида ўзларининг талаффузига яқинлаштирган. Оқибатда, бир умумий маънони ифодалайдиган учта сўз юзага келган: 1.Норбуви ҳам Каримовга қош чимириб қаради. Лекин бу қараш карашмами ё аччиқ-тирзиқ қарашмиди — билиб бўлмади. (Ҳусайн Шамс, Душман) 2. Сотти меров тушгача астойдил ишлади. Лекин кечга яқин толиқди, чоғи, тили чиқиб, аччиқ-тиззиқ гап ота бошлади. (Асқад Мухтор, Инсонга қуллуқ қиладурмен) 3. Исмоил махсум билан Сирожиддин икковлари орасида чиқадиган тортишувлар, баҳс ва мунозаралар баъзан аччиқ-тирсиқ гапларгача бориб етарди (Асад Асил, Олам аро чарақлаган нур).
Бундан олдин "Шашлик ё кабоб: қайси бири ўзбекчалигини биласизми?" деган мақола бергандик.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: