ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Фарғона шаҳрида такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, автомашина ойнасини синдирган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган икки нафар шахснинг ўзаро жанжаллашаётганлиги акс этган видео Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, 1 август куни Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.С. “Яндекс” такси буюртма қилган. Ҳайдовчи буюртмани қабул қилиб, бироздан сўнг ўз бошқарувидаги “Cobalt” русмли автомашинасида С.Темур кўчасига етиб келган.
Бироқ фуқаро Ш.С. ҳайдовчининг телефон аппарати ўчиб қолганлигидан ва унинг қўнғироғига жавоб бермаганидан жаҳли чиқиб, у билан ўзаро жанжаллашган. Кейин автомашина ойналарини тош билан уриб синдириб юборган.
“Қизишиб кетдим. Бир биримизни тушунмадик. Жамоат жойида қонунни бузганим учун жавоб бериб ўтирибмиз. Пушаймонман. Ҳаммадан узр сўрайман. Бошқа қайтарилмайди”, - дейди гумонланувчи.
Ҳолатнинг барча иштирокчилари шахсига ойдинлик киритилиб, такси мижози қўлга олинган. Видео хабардаги ИИО ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди.
“Ҳолат юзасидан ушбу гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Жиноят процессуал кодекснинг 221- моддаси тарибида ушланган. ИИО ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган бўлиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, - дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Исмоил Шарипов.
Жиноят кодексининг 277-моддасига кўра, безорилик, яъни уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.