Бир тоннадан зиёд истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланди — тафсилотлар

“Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк машинасидан истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари топилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк машинасида бир тоннадан зиёд истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ хабар берди.
Айтилишича, Булунғур туманида жойлашган “Юқори нуқта” ЙПХ масканида “Самарқанд-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган 1998 йилда туғилган Х.Ш. бошқарувидаги "Исузу" русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилган.
Бир тоннадан зиёд истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланди
Транспорт юкхонасида келиб чиқиши номаълум бўлган, ветеринария-санитария талабларига зид равишда бирор бир ҳужжатларсиз олиб кетилаётган 1100 кг гўшт борлиги аниқланди.

“Ушбу гўшт маҳсулотларини истеъмолга яроқлилигини текшириш мақсадида Булунғур тумани ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказига олиб борилди. Намуналар олиб текширилганда истеъмолга яроқсизлиги аниқланди”, - дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, яроқсиз гўшт маҳсулотлари тегишли тартибда йўқ қилиниб, ҳозирда ҳайдовчига нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт деҳқон бозорларининг бирида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланганди. Истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар ветеринария-санитария қоидаларига биноан утилизация қилинди. Шунингдек, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.