ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Венгрияда бўлиб ўтадиган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистондан 5 нафар спортчи иштирок этади, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Венгриянинг Будапешт шаҳрида 19-27 август кунлари енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси мусобақада иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси қатнашишини тасдиқлади.
Унга кўра, Екатерина Воронина етти кураш, Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш, Анвар Анваров узунликка сакраш, Сафина Садуллаева баландликка сакраш, Екатерина Тунгускова марафон югуриш дастурларида ўз омадларини синаб кўришади.
Ўзбекистондан мусобақада қуйидаги саналарда чиқишади:
19 август: Екатерина Воронина (100 метрга тўсиқлар оша югуриш, баландликка сакраш, ядро улоқтириш ва 200 метрга югуриш), Шарифа Давронова (саралаш);
20 август: Екатерина Воронина (узунликка сакраш, найза улоқтириш, 800 метрга югуриш);
21 август: Шарифа Давронова (финал);
23 август: Анвар Анваров (саралаш);
24 август: Анвар Анваров (финал);
25 август: Сафина Садуллаева (саралаш);
26 август: Екатерина Тунгускова (финал);
27 август: Сафина Садуллаева (финал).
Беллашувлар давомида спортчилар Париж-2024 нормативларини бажаришса, Олимпиада йўлланмаларини ҳам қўлга киритишлари мумкин.