ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Ўзбекистон хориждан келган ҳар бир турист учун туроператорларга субсидия ажратади. Бу ҳақда президент имзолаган ПҚ–238-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан:
туроператорлар томонидан туристик оқим паст бўлган хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга олиб келинган ҳар бир турист учун тенг улушларда 20 доллардан 100 долларгача рағбатлантирувчи субсидия ажратилади;
туроператорлар ва авиаташувчиларнинг хориждан Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларига чартер авиақатновлари бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республикада камида 5 кеча тунаб қолган тақдирда, 20 доллар, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 доллар эквивалентида тенг улушларда қоплаб берилади.
Шунингдек, 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга беш қаватдан паст бўлмаганмеҳмонхона 2026 йил 31 декабргача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, харажатлар қоплаб берилади.
Инвесторларнинг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисми қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади:
3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм;
4 ва 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм.
2026 йил 31 декабргача дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 ва меҳмонхона тармоқларининг топ-5 рейтингига кирган) фойдаланувчи Ўзбекистон резидентлари бўлган ташкилотларнинг роялти харажатлари франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан 3 йил мобайнида қуйидаги миқдорда қисман молиялаштирилади:
3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 200 доллар эквивалентида;
4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 400 доллар эквивалентида;
5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун – меҳмонхонанинг ҳар битта хонаси учун йиллик 600 доллар эквивалентида.
2024 йил 1 январдан ногиронлиги бўлган шахсларнинг саёҳат қилишлари учун қулай муҳит яратишга қаратилган “Тўсиқсиз туризм” дастуриамалга оширилади.
2026 йил 1 июлгача қуйидаги шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда (аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 км ёки қаттиқ қопламали автомобиль йўлларидан 5 км узоқликда) алоҳида автоном инфратузилмани яратган ҳолда кемпинглар ташкил этган;
“Сафари” туризми хизматларини кўрсатадиган.
2023/2024 ўқув йилидан ҳар йили “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағлар ажратиб борилади.
Маблағлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳамда Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар фуқаролари магистратурада давлат гранти асосида таълим олишлари учун сарфланади.
2023 йил 1 сентябрдан қуйидаги талаблар бекор қилинади:
турагентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши;
туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши.