ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Фарғонадаги “Янги Ўзбекистон” массивида сунъий кўл барпо этилади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташриф чоғида “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши ишларининг бориши кўздан кечирилди.
Давлат раҳбари янги массив қурилишини бориб кўрди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Айтилишича, бугунги кунда 300 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй қурилади.
“Бу йил массивда 73 та уй барпо этилмоқда. Уларнинг дастлабкилари фойдаланишга топширилиб бўлди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳудудда мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси бўлади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Массив ўзига хос экошаҳар бўлади - 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл барпо қилинади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилади. Сунъий кўл атрофида сўлим хиёбон ташкил этилади.
Президент Фарғона вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.