ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Олий таълим муассасаларига кириш бўйича асосий тест синовларини август ойида ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Абдувоҳоб Ҳайитов маълум қилди.
Айтилишича, тест синовларини август ойида ўтказиш режалаштирилаётган бўлиб, унинг аниқ саналари Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Қайд этилишича, бу йил 14 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шакли жорий этилиб, 6 834 нафар (биринчи таълим йўналишига нисбатан) абитуриент масофавий таълим шаклида ўқиш истагини билдирди.
“Кириш тест синовларини очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан 3 500 нафарга яқин номзод гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилади”, - дейди Абдувоҳоб Ҳайитов.
Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 127 нафар сурдотаржимон билан шартнома тузилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтказиладиган тест синовида иштирок этувчи абитуриентлар сони 948 486 нафарни ташкил этмоқда.