ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2023 йил 27 июлдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
Регуляторнинг қайд этишича, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига қарамасдан, нархларга талаб омиллари билан боғлиқ босимларнинг сақланиб қолаётганини инобатга олиб, йил якунига қадар инфляциянинг прогноз доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган.
Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикани кўрсатиб, июнь ойида йиллик 9 фоизни ташкил қилди. Бунда ўтган йилги юқори база эффекти таъсирлари тугаб бориши, импорт товарлари ва тартибга солинадиган нархлар нисбатан барқарор бўлганлиги асосий пасайтирувчи омиллардан бўлган. Хизматларга бўлган юқори талабнинг сақланиб қолиши ҳисобига хизматлар инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилмаган.
Маъмурий ва мавсумий омилларнинг нархларга таъсирисиз ҳисобланган базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ пасайган ва июнь ойида 11,3 фоизни ташкил этган.
Натижада базавий инфляция ва умумий инфляция ўртасидаги тафовутнинг ошиб бориши кузатилмоқда. Ўртача йиллик инфляция ҳам жорий инфляциядан юқори шаклланган. Бу ҳолат нархлар шаклланишида фундаментал талаб омиллари таъсири сақланиб қолаётганлиги, истеъмол бозорларидаги талаб ва таклифнинг тўлиқ мувозанатлашмаганлигини кўрсатмоқда ва истеъмол саватида нархлари 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг юқорилигида ҳам кўринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк март ойида ставкани 15 фоиздан 14 фоизга пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шундай буён асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилмоқда.