ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) конференциясида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳиятининг тақдимоти бўлди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Мазкур конференцияда 160 дан ортиқ давлатлардан келган 2000 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси дастлаб бутун дунё эътиборини тортаётган муаммо — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти конференцияси бўлиб ўтди
© Министерство сельского хозяйства республики Узбекистан
Жумладан, мамлакатда 600 мингта оилага ажратилган 200 минг гектар ер, таълим муассасаларидаги бепул овқатланиш учун ажратилган 204 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Айни пайтда мамлакатда ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдон қайта фойдаланилишига эришилади.
“Конференцияда чиқиш давомида баён этилган масалалар хорижлик мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад 2022 йилда БМТнинг Озиқ-овқат тизимлари бўйича саммити якунлари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий омили сифатида озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш орқали эришилган ютуқларни баҳолашдан иборат.