ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазият барқарор. Бу ҳақда мамлакат Санитария-эпидемиология қўмитаси (Санэпидқўмита) маълум қилди.
Маълумотларга кўра, республикада жорий йил 25 июль ҳолатига коронавирус билан касалланганлар сони 255 193 нафарни ташкил этиб, улардан 253 235 нафари (99,0 фоиз) соғайган.
“Бугунги кунда республикамизда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарор”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, коронавирус инфекцияси ва ўткир респиратор инфекцияларни микс-инфекция касаллиги сифатида, айнан эмланмаган аҳоли ҳамда сурункали касалликлари мавжуд бўлган фуқаролар ўртасида қайд этилиши кузатилмоқда.
Республикада коронавирус инфекцияси устидан эпидемиологик назорат ва коронавирусга қарши эмлаш жараёни давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 4 май куни COVID-19 пандемиясини якунланганини эълон қилган эди. Шу билан бирга касалланишдан ҳимояланиш чоралари давом эттирилиши лозим.
Пандемия бошланган кундан бошлаб жорий йилнинг 25 июль ҳолатига дунёда 692,1 млн нафардан ортиқ кишида коронавирус аниқланган ва улардан 6,9 млн нафари (0,9 фоиз) вафот этган.